www.toshkent.uz
Фотогалерея
Видеогалерея
Оммавий тадбирлар ўтказиш бўйича маълумот

  

 

Схема :                          

 

 

Размер: 20KB

 

  Ариза :                                  

 

 

Размер: 20KB

Рухсатнома :                              

 

   

Размер: 20KB

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш хизмати регламенти (PDF 1687 Кб)

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 398-модда)

Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, уларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини ва жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги шартноманинг намунавий шаклини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

оммавий тадбирлар ташкилотчилари томонидан оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш тўғрисида ички ишлар органлари билан мажбурий тартибда шартномалар тузилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш, шунингдек уларнинг тегишли рухсатномалар олмасдан ўтказилиши ҳолатларига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўрсин;

вазирликлар ва идораларнинг оммавий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш давомида хавфсизликни таъминлашга жалб қилинадиган бўлинмалари хатти-ҳаракатлари мувофиқлаштирилишини таъминласин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда — ушбу қарорнинг мақсадлари, мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини аҳолининг кенг қатламлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш тадбирлари ўтказилишини;

икки ой муддатда — ҳар бир оммавий тадбирни ўтказиш объекти бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солувчи йўриқномалар, оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссиялари таркиби ва уларнинг иш тартиби тасдиқланишини;

уч ой муддатда — оммавий тадбирлар ўтказиш объектларини паспортлаштириш, ёндош ҳудудларнинг аниқ чегараларини белгилаш тугалланишини, мавжуд бинолар, иншоотлар ва иморатлар, муҳандислик-техник, коммуникация, ёнғинга қарши, эвакуация иншоотлари, кириш йўллари ва транспорт воситаларининг тўхташ жойлари, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, техник асбоб-ускуналар, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун зарур бўлган махсус воситаларнинг ҳисоблаб чиқилган захираси ва номенклатурасининг техник ҳолати таҳлили ўтказилишини;

оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг ишончлилигини ва қурилиш конструкцияларининг барқарорлигини, уларнинг коммуникация, ёнғинга қарши, эвакуация ва бошқа муҳандислик-техник воситалар ҳамда оммавий тадбирлар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тизимлари билан жиҳозланганлигини аниқлаш мақсадида улар техник ҳолатининг мунтазам мониторинги амалга оширилишини, аниқланган камчиликларнинг объектлар маъмурияти томонидан ўз вақтида бартараф этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилишини таъминласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги:

бир ой муддатда — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда оммавий тадбирлар ўтказиш объектлари маъмуриятлари ва техник хизматлар раҳбарлари билан оммавий тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда қонунчиликка, қурилиш, ёнғинга қарши, экология ҳамда санитария-гигиена нормалари ва талабларига риоя этиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳаракат қилиш масалалари бўйича инструктаж ўтказилишини ташкил этсин;

идоравий мансуб ташкилотлар томонидан ушбу қарор талабларига риоя этилишини назорат қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.

5. Вазирликлар ва идоралар икки ой муддатда ўзларининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2014 йил 29 июль,

205-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарорига
1-ИЛОВА

Оммавий тадбирларни ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибини белгилайди ҳамда улар иштирокчилари, оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари маъмуриятларининг, ички ишлар органларининг оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича ўзаро муносабатлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини тартибга солади.

2. Ушбу Қоидаларнинг амал қилиши йиғилишлар, намойишлар, кўча юришлари ва намойишларини, шунингдек тўй, оилавий, юбилей, вафот этганлар хотирасига бағишланган оилавий аза маросимлари ва тадбирларни ўтказишга татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти — тасарруфида, фойдаланишида, ихтиёрида оммавий тадбирни ўтказиш объекти жойлашган давлат органи, юридик ёки жисмоний шахс;

1.Оммавий тадбир

оммавий тадбир — 100 ва ундан кўп кишиларнинг иштирокида ижтимоий-сиёсий (анжуманлар, конференциялар, съездлар ва бошқалар), маданий-оммавий ва кўнгилочар-томоша дастурлари (мусиқий, адабий ва бошқа фестиваллар, концерт, театр, спорт, реклама тадбирлари, халқ сайиллари, цирк, миллий намойишлар ва ўйинлар, кўрик­танловлар ва бошқалар), шунингдек умумхалқ, диний, касб байрамларини ўтказиш мақсадида оммавий тадбирни ўтказиш объектида ташкил қилинадиган фуқароларнинг биргаликда қатнашишлари;

биринчи тоифадаги оммавий тадбир — 200 ва ундан кўп кишилар иштирокида Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган оммавий тадбир;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир — биринчи тоифага кирмайдиган оммавий тадбир;

оммавий тадбирни ўтказиш объекти — оммавий тадбирларни ўтказиш учун махсус мўлжалланган ёки мослаштирилган, ёнғинга қарши хавфсизлик, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш, коммуникация, муҳандис­-техник ҳимоя воситалари ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимлари билан жиҳозланган, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилган очиқ жой участкалари, бинолар, иншоотлар ва бошқа жойлар (маданият­маърифат муассасалари, спорт мажмуалари ва бошқалар);

оммавий тадбир ташкилотчиси — оммавий тадбирни ташкил қилиш ва ўтказиш мажбуриятини ўз зиммасига олган давлат органи, юридик шахс ва 18 ёшга етган жисмоний шахс;

оммавий тадбир дастури — оммавий тадбирни ўтказиш мақсадлари, объекти, санаси ва аниқ вақтини, ҳар бир босқичини ўтказиш учун жавобгар бўлган шахсларни кўрсатган ҳолда унинг асосий босқичларининг вақт бўйича жадвалини (босқичма­босқич режасини), фойдаланиладиган техник ва муҳандис-техник воситалар (саҳна майдончаси, овоз кучайтириш, электр таъминоти манбаи, чироқ ва пиротехника билан безатилиши, тиббий хизмат кўрсатиш, оммавий тадбир ўтказилгандан кейин ҳудуднинг йиғиштирилиши)ни белгилаб берувчи, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан келишув бўйича оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тасдиқланган ҳужжат;

оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома — оммавий тадбирни ўтказиш ҳуқуқини берадиган, ваколатли орган томонидан қабул қилинадиган ва оммавий тадбир ташкилотчисига бериладиган қарор;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига туташ ҳудудлар — чегаралари маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари билан белгиланадиган жой участкалари;

ваколатли орган — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари;

оммавий тадбир иштирокчилари — оммавий тадбир дастурида кўзда тутилган оммавий тадбирларни амалга оширувчи ташкилотчилар, артистлар, спортчилар ва бошқа шахслар, шунингдек томошабинлар.

4. Оммавий тадбирлар биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатига киритилган объектларда ўтказилиши мумкин.

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхатлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг таклифлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Айрим оммавий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектларининг рўйхатларига киритилмаган жойларда ўтказилиши мумкин.

5. Оммавий тадбир уни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш тўғрисида ички ишлар органлари билан шартнома тузилгандан кейин оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) асосида, оммавий тадбир дастурига мувофиқ оммавий тадбирнинг ташкилотчиси томонидан ўтказилади.

Рухсатнома олгунга қадар оммавий тадбирнинг ташкилотчиси ва бошқа шахслар оммавий ахборот воситаларида, Интернет тармоғида оммавий тадбирнинг ўтказилиши тўғрисида эълон бериш, реклама материалларини тарқатиш, оммавий тадбирни ўтказиш жойи, санаси ва вақти тўғрисидаги маълумотларни бошқа тарзда тарқатиш, чипталар сотилишини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган оммавий тадбирларни ўтказиш объектларида оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар олиш талаб қилинмайди.

7. Халқаро ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

8. Биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармасининг раҳбарияти билан келишув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан берилади.

Иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатномалар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида «Наврўз», «Мустақиллик» ва «Янги йил» умумхалқ байрамларини ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорлари асосида ўтказилади.

10. Рухсатномалар, одатда, оммавий тадбир ташкилотчисининг аризасида кўрсатилган муайян тадбирни бир маротаба ўтказиш учун берилади.

Бир қатор оммавий тадбирлар бир турдаги дастур бўйича айнан битта оммавий тадбирни ўтказиш объектида айнан битта оммавий тадбирнинг ташкилотчиси томонидан ўтказилган тақдирда (киносеанслар, театр спектакллари, цирк томошалари ва шу кабилар) оммавий тадбир иштирокчисининг аризасига кўра ваколатли орган томонидан оммавий тадбирларнинг умумий сонини кўрсатган ҳолда, бир йилгача амал қилиш муддати билан, бир қатор оммавий тадбирларни ўтказиш учун ягона рухсатнома берилиши мумкин.

11. Аризани кўриб чиқиш ва рухсатномани бериш ёки унинг берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ушбу Қоидаларнинг 1-иловасида берилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

12. Тегишли ҳужжатлар билан рухсатномаларни бериш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш, рухсатномаларни бериш ёки рухсатномалар беришни рад этиш, уларни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш, амал қилишини тўхтатиш ёки рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш ва ваколатли органлар томонидан кўриб чиқишга киритиш, шунингдек оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил қилинадиган оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссиялари (кейинги ўринларда комиссиялар деб аталади) томонидан амалга оширилади.

13. Комиссияни ваколатли орган раҳбарининг тегишли ўринбосари бошқаради. Комиссиянинг таркибига ҳудудий ички ишлар органлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари киради.

Биринчи тоифадаги оммавий тадбирни ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда комиссия таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармасининг ижтимои-й­сиёсий, маданий-­оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси (кейин ўринларда ОБОКМ бўлинмаси деб аталади) командири киритилади.

Комиссиянинг фаолияти таклиф қилинаётган масалаларни жамоа бўлиб, эркин ва очиқ муҳокама қилишга, комиссия аъзоларининг уларнинг хизмат фаолияти соҳаси бўйича билимдонлигига асосланади.

Комиссиянинг шахсий таркиби ва унинг иш регламенти тегишли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига уларнинг ўрнига янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

14. Ўз функцияларини бажаришда комиссия бевосита жойига борган ҳолда, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятида ва оммавий тадбирнинг ташкилотчисида уни ўтказиш учун талаб қилинадиган шароитларни текшириш, бундай текширувларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ташкил қилиш, зарур хулосалар ва маълумотларни тақдим этиш учун манфаатдор ташкилотларнинг малакали мутахассислари ва экспертларини белгиланган тартибда жалб қилиш ҳуқуқига эга.

15. Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чора­-тадбирлари:

биринчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда — ОБОКМ бўлинмалари;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда — ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Оммавий тадбирнинг аҳамияти, характери, иштирокчиларининг сони, оммавий тадбирни ўтказиш объектининг кўлами, хусусиятларига ва бошқа муайян шартларга боғлиқ ҳолда, рухсатнома шартларига мувофиқ ОБОКМ бўлинмалари ва ҳудудий ички ишлар органлари биринчи ёки иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чора-­тадбирларни биргаликда амалга оширишга жалб этилиши мумкин.

16. Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқароларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чора­-тадбирлар оммавий тадбирнинг иштирокчиси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси билан биргаликда тузиладиган оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш шартномаларига кўра ички ишлар органлари томонидан пулли асосда амалга оширилади (ҳомийлик ва диний мақсадларда ўтказиладиган оммавий тадбирлардан ташқари).

Оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ хизматлар кўрсатишдан тушадиган пул маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармасининг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб рақамларига ўтказилади.

II. Оммавий тадбирларни ўтказишнинг умумий шартлари

17. Оммавий тадбирларни ўтказишда рухсат берувчи талаблар ва шартларга қуйидагилар киради:

а) оммавий тадбирнинг иштирокчиси томонидан оммавий тадбирни тайёрлаш ва ўтказишни тартибга солувчи ушбу Қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатлари нормалари талабларига мажбурий риоя қилиниши;

б) оммавий тадбир иштирокчисининг ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга жавоб бериши;

в) оммавий тадбирнинг ушбу Қоидалар талабларига жавоб берадиган оммавий тадбирни ўтказиш объектида ўтказилишини таъминлаш;

г) оммавий тадбир ўтказилишининг жойи ва вақти бўйича бошқа оммавий тадбир билан тўғри келиб қолмаслиги;

д) жамоат транспортининг мавжудлиги ёки оммавий тадбир тугагандан кейин оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тадбир иштирокчиларининг жамоат транспортидан фойдаланишларини таъминлаш;

е) оммавий тадбирнинг рухсатнома шартларига ва оммавий тадбир дастурига мувофиқ ўтказилиши.

18. Оммавий тадбирларнинг қуйидаги талабларга жавоб берадиган оммавий тадбир ўтказиш объектида ўтказилишига йўл қўйилади:

а) оммавий тадбирларни тайёрлашда ва ўтказишда оммавий тадбирни ўтказиш объекти маъмуриятининг қонун ҳужжатлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, хавфсизлик техникаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартиби, ёнғинга қарши қоидалар, экология ва санитария­гигиена нормалари ҳамда талабларига мажбурий риоя қилиши;

б) муҳандис-техник, коммуникация, ёнғинга қарши, эвакуация ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимларини, бориш йўллари ва транспорт воситаларининг тўхташ жойлари, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, шунингдек ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун зарур бўлган техник ускуна, махсус воситаларнинг ҳисоб-­китоб қилинган захираси ва турларининг мавжудлиги ва ишга соз ҳолатдалиги;

в) техник фойдаланиш қоидалари (муҳандислик, қурилиш конструкциялари ва техник тизимларнинг ишончлилиги ва барқарорлиги), иштирокчиларни эвакуация қилиш йўлларининг белгиланган нормативларга мувофиқлиги, ёнғин ва санитария-­эпидемияга қарши хавфсизликни, оммавий тадбирни ўтказишнинг зарур спорт-­технологик шартларини таъминлаш, шу жумладан:

барча турдаги техник хизматлар учун хавфсизлик техникаси йўриқномалари;

ходимлар учун лавозим йўриқномалари;

ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда ходимлар хатти-ҳаракатларининг режаси;

г) оммавий тадбирни ўтказишда оммавий тадбирни ўтказиш объектидан фойдаланишнинг умумий тартибини белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, шу жумладан:

маҳаллий шароитлар ва ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда тегишли ҳокимлик томонидан тасдиқланган ушбу объектда оммавий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишни тартибга солувчи йўриқнома;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ҳудуди бўйлаб томошабинларнинг ҳаракатланишини, трибуналарни тўлдириш ва эвакуация қилиш йўллари, чипта кассалари, овқатланиш пунктлари, гардероблар, дам олиш, тиббий ёрдам, ёнғинга қарши жиҳозлар ва ускуналарни жойлаштириш жойларини ташкил қилиш схемалари, оммавий тадбир иштирокчиларининг хатти-­ҳаракатлари қоидалари;

оммавий тадбир объектининг маъмурияти томонидан тасдиқланган оммавий тадбирни ўтказишга оммавий тадбирни ўтказиш объекти ва хизматларининг тайёрлиги тўғрисидаги далолатнома;

оммавий тадбир иштирокчиларининг оммавий тадбирни ўтказиш объектида ўзларини тутиш қоидалари;

оммавий тадбирни ўтказиш объектига олиб юрилиши тақиқланган предметлар рўйхати;

д) ходимларни ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлардаги хатти-ҳаракатларга мунтазам ўқитилишини ташкил қилиш.

19. Суд томонидан ишга лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган деб топилган, суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларидаги, йил давомида оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка такроран тортилган жисмоний шахслар, шунингдек фаолияти қонун томонидан белгиланган тартибда тўхтатиб қўйилган ёки тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилотлари оммавий тадбирларнинг ташкилотчилари бўла олмайдилар.

20. Рухсатнома олмасдан, шунингдек жамиятнинг ахлоқий асосларини, умуминсоний қадриятларни бузишга қаратилган, конституциявий тузумни ноқонуний ўзгартириш ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини бузиш, уруш, зўравонлик ва шафқатсизлик, ижтимоий, ирқий, миллатчилик ва диний адоватни қўзғаш, қонунда тақиқланган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадидаги оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади.

III. Рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар

21. Рухсатнома олиш учун оммавий тадбир ташкилотчиси оммавий тадбирни ўтказиш мўлжалланган санадан олдин ўттиз иш кунидан кечиктирмай қуйидаги ҳужжатларни комиссияга тақдим этади:

а) ушбу Қоидаларнинг 2-иловасидаги шакл бўйича рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

б) оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти билан келишувга кўра оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тасдиқланган оммавий тадбирнинг дастури;

в) оммавий тадбирнинг ташкилотчиси — юридик шахс учун (давлат органларидан ташқари) — юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси; якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти доирасида оммавий тадбирни ташкил қилувчи оммавий тадбирнинг ташкилотчиси —­ жисмоний шахс учун — якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси; оммавий тадбирнинг ташкилотчиси —­ жисмоний шахс учун — паспорт (шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат)нинг нусхаси;

г) агар оммавий тадбирнинг ўтказилиши лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш ва (ёки) рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат олинишини талаб қилувчи ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ бўлса, фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ва (ёки) ҳаракатларни бажариш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат)нинг нусхаси.

22. Оммавий тадбир ташкилотчисидан ушбу Қоидаларнинг 21-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

23. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бевосита комиссияга тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар оммавий тадбир ташкилотчисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

24. Рухсатномани олиш учун комиссияга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат ҳужжатлар комиссия томонидан қабул қилинган санани белгилаган ҳолда дарҳол оммавий тадбир ташкилотчисига берилади (юборилади).

IV. Аризани кўриб чиқиш ва рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш

25. Комиссия оммавий тадбир ташкилотчисининг аризасини олинган кундан бошлаб икки иш кунидан кечикмай оммавий тадбирни ўтказиш учун розилик олиш мақсадида қуйидагиларга сўровнома юборади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига — халқаро ва умумдавлат аҳамиятига эга бўлган оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза олинганда;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятига —­ биринчи тоифадаги оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза олинганда.

Сўровномага рухсатнома бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси илова қилинади.

Оммавий тадбирни ўтказиш учун ёзма шаклдаги розилик ёки розилик беришнинг рад этилганлиги тўғрисидаги асосланган хулоса комиссиянинг сўровномаси олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай комиссияга юборилади.

26. Ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосаларни тайёрлаш ва ваколатли орган раҳбарига рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги таклифларни тақдим этиш оммавий тадбирни ўтказиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза бўйича комиссия томонидан:

биринчи тоифадаги оммавий тадбир учун — оммавий тадбир ташкилотчисининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддатда;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир учун — оммавий тадбир ташкилотчисининг аризаси олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

27. Ваколатли орган раҳбари комиссия таклифлари олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кеч бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади ва рухсатномани имзолаган ҳолда оммавий тадбир ташкилотчисига бериш ёки рухсатнома берилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

28. Рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай рухсатнома комиссия томонидан оммавий тадбир ташкилотчисига юборилади (топширилади).

29. Рухсатномада ҳисобга олиш серияси (ММ I — биринчи тоифадаги оммавий тадбирлар учун, ММ II — иккинчи тоифадаги оммавий тадбирлар учун), тартиб рақами ва берилган санаси бўлади, у ваколатли орган раҳбари томонидан имзоланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ваколатли органнинг номи ёзилган муҳр билан тасдиқланади.

Рухсатнома бланкалари ваколатли органнинг буюртмасига биноан ушбу Қоидаларнинг 3-иловасидаги шакл бўйича босмахона усулида тайёрланади.

30. Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарнома рад этиш сабаблари, муайян қонун ҳужжатларининг нормалари ва оммавий тадбир ташкилотчиси кўрсатилган сабабларни бартараф этиб такроран кўриб чиқилиши учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай, ёзма шаклда комиссия томонидан оммавий тадбир ташкилотчисига юборилади (топширилади). Оммавий тадбир ташкилотчиси рад этиш сабабларини бартараф этиб ва такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган муддат рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

31. Рухсатнома бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан ушбу Қоидаларнинг 21-бандида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши;

оммавий тадбир ташкилотчисининг ушбу Қоидаларнинг 17-бандида назарда тутилган рухсат берувчи талаблар ва шартларга жавоб бермаслиги;

оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ёнғинга қарши ва санитария-эпидемияга қарши хавфсизлик, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, эвакуация қилиш, коммуникация, муҳандис-техник муҳофаза қилиш воситалари ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ва тизимлари билан жиҳозланганлик тизимларига қўйиладиган Ягона норматив­-ҳуқуқий талабларга мувофиқлиги жиҳатидан тайёргарлигини ўрганиш, тадқиқ қилиш, кузатиш ва бошқа илмий ва техник баҳолаш якунлари бўйича комиссиянинг асосланган салбий хулосасининг мавжудлиги.

Рухсатнома беришни бошқа асослар бўйича, шу жумладан мақсадга номувофиқлик сабаблари бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

32. Оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан рухсатнома берилишини рад этиш учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларнинг тўлиқ кўриб чиқилиши, рухсатноманинг берилиши ёки уни беришнинг рад этилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши оммавий тадбир ташкилотчисининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан бошлаб етти иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

33. Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат тугагандан кейин оммавий тадбир ташкилотчиси томонидан берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади ва умумий асосда кўриб чиқилади.

Тошкент шаҳар Оммавий тадбирларни назорат қилиш комисияси масъул котиби Хашимова Наргиза Ахмаджановна

телефон: 239-05-54, Е-mail: ommaviytadbir@umail.uz

      Оммавий тадбирлар реестр китоби


Печать 30 Октябрь 2014 Ўқилди: 17926




Мутахассислар тайёрлаш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик
Инсонни қадрлаш улуғ фазилат
Сайтда фойдаланувчилар сони: 465
Фойдали ресурслар
Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 Ҳолати

   

      I – Чорак 2017 - йил

     

      II – Чорак 2017 - йил     

     

       III – Чорак 2017 - йил     

   

IV – Чорак 2017 - йил     

   

Кирувчи

8

 

 

 

Ижрода

1

 

 

 

Ижроси таъминланган

7

 

 

 

 

 

 

 

 

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

 

Иш тартиби:

Иш соат 09:00 - 18:00

Тушлик                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    13:00 - 14:00

дам олиш куни Шанба ва якшанба

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар